Қадимий ва навқирон Хива шаҳрида "Рақс сеҳри" халқаро фестивали бўлиб ўтмоқда

Рақс сеҳри халқаро фестивали 

 

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги ПҚ – 2953 - сонли қарори билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш Дастури”да белгиланган “Хоразм маданияти кунлари”, “Хоразм воҳасининг халқ рақслари”, “Қўғирчоқ фестивали” каби тадбирлар доирасида ташкил этилади.

Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, мавжуд туристик имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳорижий ва маҳаллий сайёҳларга сифатли туристик хизматлар ва кўнгилочар дастурлар таклиф қилиш орқали ҳалқимизнинг ўзига хос маданияти, санъати, миллий қадриятларини ва урф-одатларини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш, шу аснода, халқаро маданий алоқаларни ривожлантириш билан она сайёрамизда тинчликни, халқлар ва миллатлар ўртасида дўстлик ваҳамжиҳатлик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни янада тараққий эттиришга ҳисса қўшишни назарда тутади.

Фестивал доирасида ҳорижлик ва маҳаллий сайёҳларга қадим Хоразм воҳаси, Хива шаҳри ва “Ичон қалъа” мемориал ёдгорлик мажмуасининг ўзига хос ноёб тарихий ва меъморий обидалари, маданий мероси, уларнинг фонида ўзбек халқи маданияти, санъати, миллий қадриятлари ва урф-одатлари, хусусан, республикамиз турли худудларининг бетакрор рақс санъати, миллий ҳунармандчилиги, тасвирий ва амалий санъатининг энг яхши намуналари, шу қаторда, ошпазлик йўналишидаги анъаналар намойиш қилинади.

Фестиваль 2016 йилдан буён ҳар йили сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида халқаро миқёсда Хоразм вилояти Хива шаҳрида ўтказилиб келинмоқда.

ФЕСТИВАЛНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯСИ қуйидагилардан иборат:

– Хоразм воҳасининг туризм йўналишидаги салоҳиятини намойиш этиш, хизматлар кўламини кенгайтириш, сайёҳлар оқимини ошириш, шу соҳадаги иқтисодий ва маънавий истиқболи учун янада кенг йўл очишга кўмаклашиш;

– миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштирган санъат байрамини кенг кўламда нишонлаш;

– Хоразм воҳасида туризмни янада ривожлантиришнинг илмий-амалий, ташкилий жиҳатларига маҳаллий ва халқаро мутахассислар эътиборини янада кенгроқ жалб этиш;

– ўзбек халқининг маданиятини, хусусан, бетакрор миллий рақс санъатини, шу жумладан, хунармандчилиги, тасвирий ва амалий санъати, қадриятлари ва анъаналарини мамлакатимиз ва хорижда кенг тарғиб этиш;

– халқимизнинг бой тафаккури ва эзгу интилишлари натижасида бунёд этилган моддий ва маънавий меросимизмизни асраб-авайлаш;

– тинчлик, миллатлараро дўстлик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суриш ва тараннум этиш билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш.

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали дастури давомида маданий мерос объектлари бўйлаб саёҳат уюуштирилади, якка ва оммавий рақслар ҳамда “Хоразм воҳасининг халқ рақслари” намойиши этилади. Фестиваль давомида “Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро туризмнинг барқарор ривожланишида маданий мероснинг тутган ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция иши:

туризм, тарих, этнография, фольклор йўналишлари бўйича;

маданият, санъат, мусиқа йўналишлари бўйича ўз ишини олиб боради.

Шунингдек,  миллий ҳунармандчилик буюмлари савдо-кўргазмаси, “Рақс сеҳри” фото-кўргазмаси ҳамда тасвирий ва амалий санъат асарлари бадиий кўргазмалари намойиши, “миллий ва замонавий либослар” кўргазмаси, “миллий қўғирчоқ ўйинлари” томошалари ва саҳна кўринишлари, ошпазлар ўртасида “миллий таомлар” тайёрлаш беллашуви, номоддий маданий мерос объектларини асраб авайлаш ва сақлашга йўналтирилган маънавий-маърифий тадбирлар, халқ ўйинлари, томоша санъати, миллий маросим ва удумларни узида акс эттирган фольклор жамоаларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва сўнгида фестивал иштирокчиларининг якуний гала концерти намойиш этилади.

Фестивалга АҚШ, Италия, Япония, Канада, Индонезия, Исроил, Эрон, Ҳиндистон, Чехия, Бангладеш каби мамлакатлардан меҳмонлар ва иштирок этувчи жамоалар ташриф буюришган. Нафақат чет давлатлардан, балки республикамизнинг барча вилоятларидан қолаверса Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам иштирокчилар етиб келишган.

Маълумот учун айтиш жоизки, ушбу фестивални ёритиш масаласида ижтимоий тармоқларда каналлар ва гуруҳлар ташкил этилиб, омма эътиборига тв ва газета журналлардан ташқари тезкорлик билан ахборот етказиб берилмоқда.

Шунингдек, халқаро фестивал “Маданият ва маърифат” ва “Хоразм” телеканаллари орқали жонли эфирга узатилмоқда.