“Болалар китоби” кўргазмаси очилди

“Болалар китоби” кўргазмаси очилди

Хоразм. 25 сентябрь куни эрталаб вилоят ахборот-кутубхона марказида “Болалар китоби” кўргазмаси очилди. Вилоят ахборот-ресурс марказларининг ҳамда кутубхоналарнинг кўргазмалари, китоб савдоси  ташкил қилинди. Воҳанинг таниқли болалар шоир ва ёзувчилари билан учрашувлар, “Билимдон ўқувчи” викторинаси, “Чевар қиз” кўргазмаси, “Доно болажон” шахмат-шашка мусобақалари ўтказилди.

“Соғлом ва маънавий етук авлод-юрт келажаги” мавзусида болалар шоирлари билан учрашувда болалар шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Оллаберган Пўлатов, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гавҳаржон Ибодуллаева, таниқли  ёзувчи ва шоирлар  Исмоил Оллаберганов, Болтабой Бекметов,  Ортиқбой Манглибаев, Қадамбой Шодонов  иштирок қилдилар.

“Китоб- бизнинг дўстимиз”, “Китобдан яхшироқ дўст йўқ”,  “Китоб- беназир устоз” мавзусидаги маърузалар ўқитувчи ва болажонларда катта таассуротлар қолдирди.

Кўргазманинг очилиши тантанасида фаол ахборот ресурс  марказларига, ўқитувчиларга ва  иқтисодорли болаларга ташкилий қўмитанинг “Фахрий ёрлиқ” лари топширилди.

Болаларнинг китоб байрами 26 сентябрь куни ҳам давом этади. Тадбирнинг иккинчи куни “Ўқиш – энг яхши таълим”  деб номланган маънавий дастур режалаштирилган. Вилоят ахборот- ресурс маркази томонидан тайёрланган ушбу  дастурда   иштирок қиладиган болажонлар воҳанинг таниқли шоирлари ва ёзувчилари билан яқиндан танишиш бахтига сазовор бўладилар. Ёш истеъдодларнинг мушоиралари бўлиб ўтади.

Байрам тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси