Китоб   ўқиш - энг яхши таълим

      Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори  мазмун-моҳиятан ёшлар, айниқса, ўқувчилар ўртасида  мутолаа маданиятини юксак поғонага кўтариш улар  онгида миллий анъана ва қадриятларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром  туйғусини  юксалтиришга, ўзи туғилиб ўсган она-Ватанни севишга, унинг ҳар бир қарич ерини муқаддас билишга, қадрлашга   хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

     Республикамизда, вилоятларда ўтказилаётган “Республика китоб байрами”, “Намунали китоб дўкони” кўрик-танлови, “Болалар китоби” Республика  фестиваллари ҳамда китоб тарғиботига бағишланган турли  тадбирларни ўтказиш яхши  анъанага айланди.

      Бизнинг мактабимизда ҳам ўқувчилар китоб мутолаасига алоҳида меҳр билан муносабатда. Ўқув даргоҳимизда ўтказилаётган “Отам-онам ва мен китобхон оила”, “Фарзандимга китоб совға қиламан”, “Ўзим ўқиган мактабга китоб  совға қиламан”,  “Оилавий китобхонлик”,  “Энг яхши китобхон”, “Мен ўқиган китоб” каби тадбирлар,  байрамлар ҳамда сайёр китоб савдо ярмаркалари ўтказиб келинмоқда.

      Мен мактабимизда 7-9 синфларга она тили ва адабиётдан сабоқ бераман. Болаларимизнинг бўш вақтлари жуда кўп. Улар оғир, мажбурий меҳнатлардан озод қилинганлар.  Бу ёшда  тўғри йўлни кўрсатиш ва  уларни муносиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Ўқитувчи нафақат дарс бериши, балки уларни тўғри тарбиялаши ҳам керак.

    Болаларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини шакллантиришда она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида дарсларни турли викториналар,  қизиқарли савол-жавоблар тарзида ўтказишга ҳаракат қиламан. Синфдан ташқари адабиётлар борасида ўзаро фикр алмашув ва асардан иқтибослар келтириб, ўқувчиларнинг қизиқишларини шакллантираман.

 Шу кунларда вилоятимизнинг барча  умумтаълим мактабларида  “Энг китобхон мактаб”  шиори остида китоб байрамлари ўтказилмоқда.  Бу байрам бизнинг мактабимизда ҳам ўтказилди.   Ушбу байрам вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот ва матбуот бошқармаси,  вилоят маънавият ва маърифат маркази,  Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Ўтган йили ҳам мактабимиз жамоаси бу байрамда фаол қатнашди. Китоб ўқиш энг яхши таълим эканлигини чуқур англаган ҳолда ҳаммамиз китобхон бўлишга Урганч китоб марказининг махсус сертификатини  қўлга киритишга ҳаракат қиляпмиз.

 

Маҳбуба Рўзметова,

Боғот туманидаги 19-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси.