Газетхонлар билан учрашув

Газетхонлар билан учрашув

          Урганчдаги «Хоразм палас» меҳмонхонасида «Ishonch» газетаси ижодий жамоасининг газетхонлар билан ижодий учрашуви ташкил қилинди. Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси билан ҳамкорликда маҳаллий журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда халқимизнинг ахборотга эҳтиёжи ошиб бораётган, ахборот техноогиялари ҳаётимизга кенг кириб келаётган даврда  газеталарнинг  нуфузини янада ошириш  хусусида сўз юритилди. 

      Ўзбекистон миллий кутубхонаси ўтказган сўровга кўра, «Ishonch» газетаси жорий йилнинг олти ойида 5 та энг кўп ўқиладиган газетанинг учинчиси деб эътироф этилган бўлса, учинчи чорак якунларига кўра 1 ўринни эгаллади.

         Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекжонова, ёзувчи ҳамда публицист Шуҳрат Маткарим ва бошқалар юртдошларимизни китобхонликка, газетхонликка ундашда «Ishonch» тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигини қайд қилдилар.

Газета Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов таҳририят фаолияти тўғрисида тақдимот қилди.

       Мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Азамат Отажонов концерти учрашувга байрамона руҳ бағишлади. АСМ ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор туман кенгаши раиси Раимбой Шержонов йиғилганларни Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан баҳраманд қилди.