“Муҳаррирлар маҳорат мактаби” лойиҳаси доирасида Боғотда бир кун тадбири

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда нафақат иқтисодий жабҳаларни тизимли тартибга тушириш, янгилаш ва ривожлантириш, балки шу билан бирга турли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий омиллар таъсирида сезиларли зиён кўрган маънавий дунёмизни янгилаш ва юксалтириш назарда тутилгани ҳам аҳамиятлидир.

Бу борада эса оммавий ахборот воситалари етакчи ўринда бўлиши, халқ манфаатларининг чинакам ҳимоячисига айланиши зарур.

Бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Ҳаёт дадил ҳаракатларни, фаол ташаббускорликни, ҳамма соҳада ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этмоқда.

Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармасининг “Муҳаррирлар маҳорат мактаби” семинар-учрашувлари лойиҳаси доирасида бўлиб ўтаётган “Боғотда бир кун” тадбирида ана шулар ҳақида сўз борди. Тадбирда воҳанинг таниқли журналистлари, устоз муҳаррирлар, ёш мухбирлар иштирок қилдилар.

Тадбирда туман ҳокими Ж.Раҳимов, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Ш.Маткаримов, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Д.Бекчановалар сўзга  чиқиб,  оммавий ахборот воситалари, хусусан даврий нашрлар олдига қўйилаётган муҳим вазифалар хусусида гапиришди. Шунингдек, “Хоразм ҳақиқати” , “Хорезмская правда” газеталари бош муҳаррири вазифасини бажарувчи С.Раҳимберганова, “Хива тонги” газетаси мухаррири Ш.Машарипов, “Урганч оқшоми” газетаси муҳаррири С.Авазов, “Эзгу сўз” газетаси муҳаррири Қ.Салаев  “Газеталар фаолияти: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” мавзусида  таҳлилий маърузалар қилишди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, «Ёшлар маркази» фаолияти билан танишдилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашдилар. «Хоразм тех» МЧЖ, «Кобо тех» МЧЖ каби ишлаб чиқариш корхоналарига ижодий сафар уюштирдилар.