XОРАЗМ ВИЛОЯТИ МАТБОУТ ВА АXБОРОТ БОШҚАРМАСИ

Бошқарма фаолияти хусусида

             Бошқарма 1964 йил 20 апрель куни Халқ депутатлари Хоразм  вилояти ижроия қўмитасининг №153-сон қарори билан вилоят ижроия қўмитаси матбуот бошқармаси сифатида ташкил қилинган.

Вилоят ҳокимининг 1992 йил 13 февралдаги №106/10-XXI-сон қарори билан Халқ депутатлари вилоят ижроия қўмитасининг бошқармаси вилоят ҳокимлигининг бошқармаси қилиб ўзгартирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.07.2002 йил № ПФ3103-сон фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.07.2002 йил №241-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасининг матбуот бўйича Давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги 2004 йил 11 июнь №274-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти ҳокимининг 2004 йил 23 июнь №136-сон қарори билан давлат бюджетидан молиялаштирилган.

2005 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг ҳудудий бошқармаси - Хоразм вилояти матбуот ва  ахборот бошқармаси хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3223-сон “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига асосан 2018 йил январь ойидан Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси ишчи-ходимларининг ойлик маошлари бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Бошқарма оммавий ахборот воситалари, ахборотлар алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ва даврий нашрларни тарқатиш соҳасидаги давлат сиёсатини изчил амалга оширишни таъминловчи давлат ва ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади ва Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига бўйсунади.

Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ги , “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги  тўғрисида” ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида” ги, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида” ги , “Реклама тўғрисида” ги ва бошқа қонунлар, қонуности ҳужжатлари ва ўз Низоми асосида олиб боради.

Бошқарма маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган.